2021 йил 13 февралда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниэл Розенблюм Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги Silverleafe агрокластеридаги дала шийпонига ташриф буюрди. У кластер бош директори Дэн Паттерсон билан учрашди. Улар ўртасида АҚШ-Ўзбекистон қўшма лойиҳасининг ривожланиш натижалари ва 2021 йилга мўлжалланган режалар ҳақида икки соатлик суҳбат бўлиб ўтди.
Дэн Паттерсон агрокластер ҳудуди бўйлаб таништирув экскурсиясини ўтказди, шунингдек АҚШ дипломатик ваколатхонаси раҳбари билан бир қатор муҳим иқтисодий ва ижтимоий масалаларни кўтарди. Сўнгги бир йилда кластернинг технопарки қанчалик аҳамиятли даражада ўсгани қайд этилди. Бу 2020 йилда механизациялашган йиғим-терим ишларини кенг жорий қилишга ва ҳосилни қўлда теришни деярли 95%-га қисқартиришга имкон берди.
Қайд этилишича, Silverleafe инвестицион лойиҳанинг Ўзбекистонда муваффақиятли ривожланиши кўрсаткичидир. Пандемияга қарамай, бу ерда ишлар жадал ривожланиб бормоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга амал қилиб, америкалик таъсисчилар янги технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратишади ва уларнинг таркибий қисмларини ягона рақамли тизимга боғлашади.
Компаниянинг фалсафаси – мамлакатда ижобий ўзгаришларни яратиш, инновацион технологияларни ривожлантириш, бу билан аҳолининг турмуш даражасини оширишдан иборат. Бу ерда ижтимоий ва гендер масалаларига катта эътибор қаратилмоқда.
Белгиланган вазифаларни амалда ҳаётга тадбиқ этишнинг намунаси сифатида, бу ерда аёлларни тадбиркорликка фаол жалб қилиш ва агро-сектор соҳасидаги малакаларни эгаллашга қаратилган ишлар бошланди. Silverleafe-да хорижлик мутахассислар томонидан ўқитилган ва ҳозирда катта ўлчамдаги замонавий қишлоқ хўжалиги ускуналарини бемалол бошқарадиган оператор-қизлар ишлайди.
Далалардаги ишлардан ташқари, Silverleafe компанияси бошқа инвестиция соҳаларида ҳам яхши натижаларга эришди. Улардан бири логистика лойиҳасидир, иккинчиси эса пахта ва тўқимачилик саноати соҳасида Ўзбекистон билан ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва кенгайтиришдан жуда манфаатдор бўлган йирик халқаро брендлар билан яқин ҳамкорликни назарда тутади. Суҳбат давомида элчи Розенблюм, пандемия ҳамда 2020 йилдаги ва 2021 йил бошидаги барча қийинчиликларга қарамай, америкалик ишбилармонларнинг Ўзбекистондаги шижоати ва фаоллиги учун самимий ҳурмат билдириб, Silverleafe фаолиятининг натижаларидан ғурурланишини таъкидлади.
Учрашув давомида Дэн Паттерсон ва АҚШ элчихонаси раҳбари бир қатор таълим ва ижтимоий лойиҳаларда ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олдилар. Учрашувда болаларнинг саратон касаллигини даволаш усуллари ва амалиётини ривожлантиришга ёрдам кўрсатишда икки мамлакатнинг бирлашишига алоҳида эътибор қаратилди. Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Дэн Паттерсон Ўзбекистонга келганида, Теннесси штатининг Мемфис шаҳридаги болалар саратони бўйича энг йирик ”St. Jude” илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида музокараларни бошлашда ташаббус кўрсатган. Натижада, «Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институти» учун тадқиқот маркази ва Silverleafe компанияси билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган “Ezgu Amal” хайрия фонди томонидан таълим бериш ва замонавий амалиётни жорий этиш соҳасида ҳамкорлик ишлари амалга оширилди. АҚШ элчихонаси Silverleafe компанияси билан биргаликда Жиззах шаҳридаги 29-Меҳрибонлик уйида тарбияланувчи қизга юз соҳасидаги ўсмани даволашга ёрдам беришда иштирок этади.
АҚШ дипломатик ваколатхонаси раҳбари Дэниэл Розенблюм ва Silverleafe компаниясининг бош директори Дэн Паттерсон ўртасидаги учрашув якунлангандан сўнг, томонлар ўзаро қўллаб-қувватлаш, олиб борилаётган фаолиятни маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситаларида ёритиш ва икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни фаол ривожлантириш тўғрисида ҳамда таълим, тиббиёт ва спорт соҳасидаги янги гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида келишиб олдилар.